Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасиЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти parliament.gov.uz

Депутатлар Омбудсман ҳисоботини муҳокама қилдилар

15.02.2011

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ парламентга тақдим этилган ваколатларга биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг
2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитди. Ҳисоботни С.Рашидова тақдим этди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши соҳасида давлат ҳокимияти органлари устидан парламент назорати Қонунчилик палатаси депутатлари ишининг муҳим таркибий қисми бўлиб, бу масала алоҳида аҳамиятга моликдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўз маърузаларида бу йўналишдаги доимий ишларнинг муҳимлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили маърузасида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов янги ташаббусларининг умумий маъно-моҳиятидан келиб чиққанда ўтган йил Омбудсман учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича ўз амалий ишларининг стратегиясини танлашда ҳал қилувчи йил бўлганлиги таъкидланган. Олий Мажлис палаталарининг
2010 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси парламент Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ишига янги жўшқинлик бахш этди, мамлакатимизда демократиянинг ушбу муҳим институти самарадорлигини янада ошириш йўлларини белгилаб берди.

Ҳужжатнинг савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган батафсил муҳокамаси вақтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлик гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар таъкидладиларки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ушбу соҳадаги қонунларга риоя этилишининг мониторингини юритиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдамлашиш, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат тузилмалари билан биргаликда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ўтган йили Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишлари бўлди. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги янада кенгайди. Фуқаролик жамияти институтлари ва давлат тузилмалари билан биргаликда аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга доир ишлар амалга оширилди. Омбудсман ҳисобот даврида ушбу йўналишларнинг ҳар бири бўйича қатор ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари 2010 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили номига фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ўзига хос индикатор бўлиб, жамиятдаги мавжуд муаммоларни, давлат органларининг ишидаги камчиликларни аниқлашда салмоқли роль ўйнайди, шунингдек уларни бартараф этишнинг энг самарали чораларини белгилаб олиш имконини беради.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясидан сўзга чиққанлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ходимлари ҳисобот даврида қонун лойиҳалари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга қай даражада мувофиқлигини ўрганиш борасидаги ҳуқуқий экспертизада фаол қатнашганликларини таъкидладилар. Омбудсман 25 та қонун лойиҳаси, хусусан, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича таклифлар тақдим этди. Омбудсманнинг парламент билан ҳамкорлиги нафақат қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга, балки мамлакатимиз минтақаларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишига бағишланган назорат-таҳлил фаолиятида қатнашишга, семинарлар, давра суҳбатлари, бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этишга қаратилганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсман сўнгги уч йил давомида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишда бевосита иштирок этиб келаётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Ушбу мақсадларда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг минтақавий вакиллари Одам савдосига қарши курашиш идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий тузилмалари ишида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш борасидаги фаолиятини ўрганишда иштирок этдилар, ўрганиш натижалари бўйича тегишли тавсиялар тақдим қилинди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзолари Омбудсманнинг минтақавий вакиллари амнистия ҳужжатини қўллаш тартиби устидан жамоат назоратини амалга оширишда фаол иштирок этганлигини таъкидладилар. Шу мақсадда улар сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари билан биргаликда махсус тузилган ишчи гуруҳларида иштирок этдилар, жиноий жазоларни ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда бориб турдилар, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказдилар ва озод қилинган шахсларнинг мониторингини олиб бордилар. Мазкур ишлар давомида Олий Мажлис Омбудсмани вакиллари ушбу соҳадаги жамоатчилик назорати институтини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар ва тавсияларни баён этдилар.

Муҳокама вақтида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари вакилининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллаб, тегишли қарор қабул қилди.

Депутатлар тергов ҳибсхоналари ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантиришга, қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасида ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни (тиббиёт муассасаларига жойлаштирилганларни) сақлаш принциплари ва асослари; бундай шахсларнинг ҳуқуқий мақоми, шунингдек ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, моддий жавобгарлиги; қамоқда сақлаш жойлари, уларнинг фаолият тартиби, ички тартиби, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари ваколатлари; рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари; қамоқда сақлаш жойларида батамом ажратиб қўйишни, қўриқлаш ва назоратни таъминлаш белгиланган. Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш вақтида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек бошқа давлатларда қонун йўли билан тартибга солиш борасидаги тажриба ҳисобга олинган.

Атрофлича муҳокамадан кейин Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди ва масъул қўмитага ҳужжатни кейинги ўқишларда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифасини топширди.

Депутатлар «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Қонун лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексининг 21-моддасига тузатиш киритиш, кодексни янги модда билан тўлдириш ва ундаги
7-моддани чиқариб ташлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.

Ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонун лойиҳаларининг муҳокамаси вақтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан иштирок этдилар. Улар ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат бўйича партия дастурлари ва сайловчиларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда ўз мулоҳазаларини баён қилдилар. Муҳокама вақтида киритилган энг муҳим таклифлар ҳуқуқий ҳужжатларни маромига етказиш вақтида ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Келгуси тадбирлар

  • 2014 йил 21-25 апрель кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида

    Сайтнинг Ахборот хизмати тадбирлари бўлимида тўлиқ матнда жойлаштирилган.

                                                                    Кундалик тадбирлар рўйхатини кузатиб боришда давом этинг!


Стандарт шаклга қайтиш